Worldskills Uzbekistan билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Worldskills Uzbekistan билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  фармонида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим муассасаларида Worldskills стандартлари асосида ўқитишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган. 

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 июль куни Педагогик инновациялар институтида “Worldskills Uzbekistan” билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум асосида келгусида барча ишлаб чиқариш таълим мутахассислари ва махсус фан ўқитувчилари Worldskills стандартлари асосида “Worldskills Uzbekistan”  ассоциациясида малакаларини оширишади. Малака ошириш якунида, касбий амалий имтиҳонлардан ижобий ўтган тингловчиларга таълим муассасасида Worldskills компетенциялари бўйича ўқувчиларга касб ўргатиш ва демонстратив имтиҳон олиш ваколатини берувчи “Экспертлик” сертификатлари берилади.

Ушбу меморандумни имзолаш жараёнида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Профессионал таълимни ўқув-методик мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Ўткир Алижонов, бош бошқарма ўринбосари Анвар Аллабергеновлар,  “WorldSkills Uzbekistan” – ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси Бошқарув кенгаши раиси Фаррух Жураев,    Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти директори Зайниддин Худайбердиев иштирок этди.

Меморандумни имзолаш жараёни YouTube ва Zoom дастури орқали жонли эфирга узатилди.

Меморандум якунида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, институт ва ассоциация масъул раҳбарлари келгусидаги вазифаларни келишиб олишди. Келишувга кўра, келгусида биринчи босқичда 2000 нафардан ортиқ ишлаб чиқариш таълими мутахассисларининг малакасини ошириш режалаштирилди. Иккинчи босқичда ассоциация экспертлари ҳамкорлигида Worldskills стандартлари асосида янги форматдаги таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини яратиш белгилаб олинди. Учинчи босқичда эсаҳамкорликда Worldskills чемпионатларини ҳудудий ва республикамиқиёсида ўтказиш белгиланди.

Маълумот ўрнида, Worldskills халқаро ҳаракати 1946 йилда Испанияда ташкил топган. Worldskills ташкилоти касбларни халқаро даражада тайёрлашга қўйиладиган стандартлар талабларини ишлаб чиқади, ушбу стандартлар асосида касб эгаларини тайёрлайди ва тайёргарлик даражасига баҳо бериш мақсадида ҳар 2 йилда бир марта халқаро даражадаги касб чемпионатларини ўтказади. Ҳозирда ушбу ташкилотга 85 та давлат аъзо. Ўзбекистон 2020 йил 17 январда 83-аъзо давлат сифатида ушбу ҳаракатга қўшилди. Ҳозирда мазкур халқаро ҳаракат томонидан 101 та компетенциялар бўйича касбий стандартлар ишлаб чиқилган ва шулар асосида 45 та халқаро чемпионатлар ўтказилган. 2022 йил Шанхай (Хитой)да 46-халқаро чемпионати ўтказилади.

Manba: www.edu.uz

Leave Comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *