CОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Мана, 2020 йил якунланиб, янги 2021 йилга қадам қўйиш арафасида турибмиз. Бу йил биз тиббиёт соҳаси вакиллари учун ҳар томонлама унутилмас йил бўлиб тарихга муҳрланди. Бир томондан бутун дунё аҳлининг одатий турмуш тарзини буткул ўзгартириб юборган коронавирус инфекциясининг тарқалиши, бошқа томондан вируснинг бизнинг юртимизга кириб келиши баробарида тиббиёт ходимлари вирусга қарши курашнинг олдинги сафларида туриб меҳнат қилдилар. Бу йўлда қийинчилик ва таҳликали вақтлар кўп бўлди. Буни фақатгина тиббиёт ходимлари эмас, бутун халқимиз юракдан ҳис қилгани айни ҳақиқат.

Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилиб, улар зарур дори-дармон, ҳимоя, энг замонавий диагностика ва даволаш воситалари билан таъминланди. Қайд этиш жоизки, пандемияга қарши курашиш учун 200 минг нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 150 нафар чет эллик юқори малакали мутахассислар жалб қилинди.

Давлатимиз томондан ўз пайтида кўрилган тезкор, тизимли чора-тадбирлар ҳамда Сиз азиз ҳамкасбларимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнатларингиз натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда. Бу барқарорликни сақлаб қолишда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз сизу бизга юксак ишонч билдирмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг шу йил 29 декабрь кунидаги Олий Мажлисга Мурожаатида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кураш ишлари учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўмлик заҳира шакллантирилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш мақсадида 200 миллион АҚШ доллари, олис ҳудудларда иш бошлайдиган врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули ва хизмат уйлари, болалар ва ҳомиладор аёлларни етти турдаги витаминлар билан таъминлаш учун 100 миллиард сўм, онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун 250 миллиард сўм ажратилиши ҳамда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши белгиланди.

Юқоридаги ишларни амалга оширишда, энг аввало, сиз азиз тиббиёт ходимларининг иштироки, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Бу синовлардан ғалаба билан ўтишимизда, Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришда ҳар бирингизнинг ҳалол ва фидойи меҳнатингиз, куч ва ғайратингизга суянамиз!

Бу йил синовли кунларда кўрсатган матонати учун соғлиқни сақлаш тизимидаги 300 нафарга яқин тиббиёт ходими давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирлангани ҳам соҳа фидойиларининг меҳнатига муносиб эътироф бўлди.

Кириб келаётган 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши бу йилда ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш йўналишида тиббиёт соҳаси ходимлари зиммасига катта масъулият юкланишини билдиради. Келгуси йил соҳа ходимларининг масъулиятини ошириш билан бирга, уларнинг хизмат шароитларини яхшилашга ва фидойиликларини муносиб рағбатлантиришга бўлган эътибор ҳам юксаладиган йил бўлиши кутилмоқда.

Муҳтарам ҳамкасблар!
Ҳар қанча оғир бўлмасин, якунланаётган йилда ўз номингиз ва муқаддас касбингизга муносиб меҳнат қилганингиз, синовларни шараф билан енгиб ўтганингиз билан барчангизни табриклайман. Сиз каби олижаноб, инсонлар ҳаётини ўз ҳаётидан устун билган шарафли инсонлар билан ҳамкасб эканимдан фахрланаман. Кириб келаётган 2021 йил барчангизга тинчлик-хотиржамлик, янги зафарлар ва, энг асосийси, сиҳат-саломатлик олиб келсин. Янги йил байрамингиз муборак бўлсин!

Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазири.

Manba

Leave Comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *